Р а д д и я

2021-03-10 788 marta ko'rildi.

Телеграм ижтимоий тармоғи орқали Термиз давлат университетида А.Мараҳимов ректор бўлганидан сўнг университет тарихида илк коррупцион ҳолатлар юз бера бошланди қабилида асоссиз маълумотлар тарқалди.

Термиз давлат университетида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус ҳамда Олий таълим вазирлиги тизимида маънавий-маърифий ишларнинг янги меҳанизмини яратиш бўйича ишлаб чиқилган "Йўл харитаси"да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил феврал ойида Факультетлараро "ҚВЗ -2021" чемпионати ташкил этилди. Университетнинг жами 17 факультетларининг ҳар биридан жамоалар 4 гуруҳга бўлиниб, чемпионлик учун кураш олиб боришди.

2021 йил 22 февралда 3-гуруҳда ўтказилган ҚВЗ кўрик танлови натижаларидан норози бўлган Санъатшунослик факултетининг "Тўйчилар" жамоаси аъзолари ҳайъат аъзоларига эътироз билдирган. Ушбу эътироздан сўнг 2021 йил 23 феврал санасида университет раҳбарияти томонидан 3-гуруҳда  ўтказилган ҚВЗ кўрик танлови натижалари хакамлар томонидан адолатли ва ҳаққоний баҳоланганлигини ўрганиш мақсадида Вилоят мусиқали драма театридан мутахассислар жалб этилиб, Санъатшунослик факультетининг "Тўйчилар" жамоаси саҳна кўринишлари қайта кўриб чиқилди. Мутахассислар томонидан 3-гуруҳда  ўтказилган ҚВЗ кўрик-танлови натижалари тўғри эълон қилинганлигини тасдиқлаб, Санъатшунослик факултетининг "Тўйчилар" жамоаси аъзолари томонидан йўл қўйилган камчиликларнинг ҳар бирини изоҳлаб, тушунтириш беришди. Санъатшунослик факультетининг "Тўйчилар" жамоаси аъзолари ушбу ҳолатдан сўнг ўзлари томонидан йўл қўйилган камчиликларини тушунишган ва эътирози йўқлигини билдиришган, бироқ, юқорида баён этилган ҳолат "Санъатшунослик факультети ҚВЗ бўйича "Тўйчилар" жамоаси аъзоларининг университет Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Ў.Қурбоналиевга билдирган эътирози" акс этган видео ижтимоий тармоққа жойланган.

Термиз давлат университетида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус доирасида кўрик-танлов, мусобақа ва беллашувлар давом этади.