Миллий ўзлик ва маънавий қадриятлар жамиятимиз тараққиётининг асосидир!

2021-01-22 3084 marta ko'rildi.

Инсоният пайдо бўлибдики, энг долзарб, энг машаққатли ва энг қийин вазифа – ёшлар масаласи бўлиб келган. Мутафаккир ва алломалар, зиёлилар жамиятнинг ривожи, тинчлиги ва хотиржамлигини ёшлар тарбияси билан боғлагани бежиз эмас. Тарбия масаласи қадрият, анъана билан боғлиқликда ҳал этишга ҳаракат қилинган бўлса, ўша жойда ривожланиш бўлган. Ёшлар тарбиясига эътиборсизлик бўлган жойда инқироз ва ўпирилишлар содир бўлган.

Юртимиз ёшлар мамлакати бўлиб, мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 64 фоизини ёшлар, яъни 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Aлбатта бу, давлатимиз зиммасига улкан масъулият юклашини кўз олдимизга келтирсак, жуда катта эътибор, ғамхўрликни талаб этади, иккинчи томондан ёшларимизга кўрсатиладиган эътибор, эртага улкан ютуқ ва натижаларини ҳам беради.

Ёшлар барча даврларда жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этиб келинган. Шарқ Уйғониш даврида ҳам, жадидлар фаолиятида ҳам, жамиятнинг янгиланишида ёшларнинг ўрни беқиёс бўлган. Шу жиҳатдан мунтазам шаклланиб борувчи бу қатлам доимий йўналтириб ва қўллаб-қувватлаб туришни талаб этади. Бу эса, давлат томонидан ёшларнинг мамлакат манфаатлари йўлида эркин ижтимоийлашуви ва ўзини самарали намоён этиши учун мақбул шароит ва имконият яратиш ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар тизими, ёшларга оид давлат сиёсатини англатади. Шу боис, мамлакатимизда энг катта эътибор мустақил фикрлайдиган, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялашга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида жорий йилнинг 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди ва унда айнан ёшлар масаласи, уларнинг маънавиятини юксалтириш ва бунда нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида аниқ-аниқ таклифлар ва кўрсатмалар берилди.

Тараққиётга қадам қўйган ҳар бир халқ борки, аввало,  маънавий бирлашуви, миллий ғояси билан юксалган. Бугун янги ҳаёт қуриш, ривожланган давлатлар қаторига чиқиш йўлидан бораётган мамлакатимизда ҳам миллий ғоя масаласи жуда муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Президентимиз айтган мана бу фикрларига эътиборингизни қаратмоқчиман: «Aгар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият».  Биз, албатта, маънавий бирлик ва миллий ғояни ёшлар онгига сингдиришдан бошлашимиз керак. Кейинги  йилларда шу борада қатор қарорлар қабул қилинди. Республика маънавият ва маърифат кенгаши раиси Президент экани белгилаб қўйилди. Кенгашнинг ҳудудий бўлимларига масъуллик ҳокимлар зиммасига юклатилди. Бу ўзгариш маънавий-маърифий ишларни давлатимиз сиёсатида янада юксак ўринга кўтарди.

Йиғилишда ёшларни ватанпарварлик, миллий ифтихор руҳида тарбиялаш, бунинг учун тарихни яхши ўргатиш, бу йўналишдаги илмий тадқиқотларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Зеро, ўтмишсиз келажак бўлмайди ва тарихни яхши англамай туриб ёрқин истиқболга юришнинг имкони йўқдир.

Президентиз томонидан «Агар кимдир, маънавият масаласи – бу фақат Маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши, деб ўйласа, хато қилади. Буларнинг барчаси олдимизда турган энг асосий, энг муҳим вазифалардан биридир», дея бу борада ечимини кутиб турган, ўзгаришлар ҳаракати  кириб бормаган масалаларга тўхтаб ўтилди.

Миллий ғоянинг моҳиятини тўлиқ англаб етмаган, эски мафкурани тасаввур қилиб, бунга юзаки қарайдиганлар ҳам йўқ эмас. Шу боис Президент мамлакатимиз мафкурасининг асосий ғоясига шундай изоҳ берди: «Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган».

Тарбияда танаффус бўлмайди, дейди халқимиз. Бу борада боғча, мактаб, олий таълим, маҳалла – барчаси бир-бири билан ҳамкорликда иш олиб бормоғи керак. Шу боис йиғилишда маънавий-маърифий ишларнинг ягона тизимини яратиш, хусусан, ўғил-қизларни болалигиданоқ билимли ва фазилатли этиб тарбиялаш, бунинг учун мактабгача таълим муассасаларига методик ёрдам кўрсатиш муҳимлигининг таъкидланиши, мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим даргоҳларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилиши, барча олийгоҳ ва уларнинг филиалларида мавжуд штат бирликлари доирасида ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор лавозими жорий этилиши ҳақидаги фикрларнинг барчаси негизида ёшларни соғлом тарбиялаш масаласи турибди.

Президентимиз бошчилигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги вазифалардан келиб чиқиб, Термиз давлат университетида ҳам маънавий-маърифий ишларни тубдан такомиллаштириш ва унинг самарадорлигини оширишга йўналтирилган йўл харитаси ишлаб чиқилмоқда. Бунда аввало, талабалар ўртасида маънавий-маърифий тарғибот ишларининг мазмун-моҳиятини тубдан яхшилаш, уларнинг кўлами ва миқёсини кенгайтириш, ёшларда соғлом дунёқараш, китобхонлик кўникмасини шакллантириш, интернет, ахборот-коммуникация технологияларидан оқилона фойдаланиш маданиятини ошириш, уларда ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айниқса, талаба-ёшларни ватанпарварлик, миллий ифтихор руҳида тарбиялаш, бунинг учун тарихни чуқур ўргатиш ва шу йўналишдаги илмий тадқиқотларни янада кучайтириш, бу борадаги ишларимизни инновацион ёндашувлар асосида амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, юртбошимиз таъбири билан айтганда “Бир зиёли-бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида вилоятнинг чекка-чекка ҳудудлари, маҳаллаларида кенг миқёсда тарғибот ишларини олиб боришда етук профессор-ўқитувчилар ва иқтидорли талаба-ёшлар бириктирилади.

Дарҳақиқат, Президентимиз айтганидек: «Янги ҳаёт, янги жамият қуришга қаратилган ислоҳотлар жараёнида маънавий-мафкуравий ишларимизнинг назарий асоси бўлган миллий ғояни ривожлантириш масаласи ғоят муҳим аҳамиятга эга». Жамият тараққиёти, жонажон Ўзбекистонимизнинг эртанги куни миллий ўзлик ва маънавий қадриятларимизга асосланганлигини чуқур англаган университетимизнинг кўп сонли жамоаси мамлакатимизда маънавият ва маърифат тарғиботини фаол олиб боради, бу борада Термиз давлат университети халқимизнинг бой маданияти ва меросини ёшларга сингдириш ва шу орқали Ватанига садоқатли, юқори малакали, рақобатбардош кадрларни тайёрлашда етакчи бўлади.


Манба:https://www.uza.uz/uz/posts/milliy-ozlik-va-manaviy-qadriyatlar-zhamiyat-taraqqiyotining-asosi_236199