Вебинар

2020-12-15 4230 marta ko'rildi.

Термиз давлат университети, ЮНЕСКО ҳомийлигидаги Марказий Осиёни тадқиқ қилиш институти (International Institute of Central Asian Studies - IICAS), Лондоннинг Университет коллежи (UCL) ҳамкорлигида “Марказий Осиёнинг археологик ландшафти” (Central Asian Archaeological Landscapes) лойиҳаси доирасида “Марказий Осиё археологияси: моддий маданиятни ўрганиш ва сақлаш” мавзусида халқаро вебинар ўтказилди. Вебинарда Ўзбекистон (Термиз, Бухоро ва Самарқанд), Англия, Ҳиндистон, Қозоғистон каби мамлакатлардан 15 нафар тадқиқотчи-олимлар иштирок этишди. Мазкур халқаро тадбирда Термиз давлат университети ректори, сенатор Абдуқодир Ҳамидович Тошқулов кириш сўзи билан иштирок этиб, қатнашчиларга анжуман ишида омад тилаган ҳолда Термиз давлат университети ҳамиша дунёнинг етакчи илмий марказлари билан илмий алоқаларни йўлга қўйишга тайёрлигини, Сурхон воҳаси ўзининг археологик ёдгорликлари билан машҳур эканлигини ва ҳудуд археологик харитасини яратиш муҳимлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, вебинарда Термиз давлат университети Ўзбекистон тарихи ва манбашунослик кафедраси профессор-ўқитувчилари ўз маърузалари билан иштирок этишди. Халқаро вебинарда Марказий Осиё археологиясига оид маърузалар тингланиб, уларни сақлаб қолиш борасида янги ғоя ва таклифлар берилди. Якунда Термиз давлат университетида Марказий Осиё археологик ландшафтини ўрганиш бўйича минтақавий марказ ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Маълумот учун: Марказий Осиёни тадқиқ қилиш институти 1995 йилда ЮНЕСКОнинг Ипак йўли дастури доирасида ташкил этилган бўлиб, асосий вазифаси Марказий Осиё тарихий-маданий мероси соҳасидаги тадқиқотларни ташкил этиш, Марказий Осиё соҳасида тадқиқот олиб борувчи олимларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий ва жаҳон олимлар ўртасидаги интеграцияни таъминлаш ҳисобланади. Институтга Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Корея, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркия ва Ўзбекистон каби давлатлар аъзо ҳисобланади.