ОНЛАЙН МУЛОҚОТ: РЕКТОР ВА ГУРУҲ САРДОРЛАРИ УЧРАШУВИ

2020-08-06 4753 marta ko'rildi.

 Бугунги пандемия шароитида университет талабаларининг соғлиги ва ижтимоий аҳволидан хабардор бўлиш, уларга таълим жараёни билан боғлик янгиликларни етказиш мақсадида Термиз давлат университети раҳбарияти гуруҳ сардорлари билан онлайн учрашувларни йўлга қўйди. Мақсад учрашувларда кўрилган масалалар гуруҳ сардорлари орқали барча талабаларга етказилиб, уларнинг умумий аҳволидан хабардор бўлишдир. 

Навбатдаги онлайн учрашув Хорижий филология, Архитектура ва қурилиш, Жисмоний маданият ҳамда Педагогика факультетлари гуруҳ сардорлари иштирокида бўлиб ўтди.

 Zoom иловаси орқали бўлиб ўтган мулоқот аввалида университет ректори А.Тошқулов сўз олиб, бугунги пандемик шароитда ҳар бир талаба карантин талабларига қатъий амал қилиб касалликдан эҳтиёт бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлади.

Ректор талабаларга бўш вақтларидан унумли фойдаланиб ўз устиларида ишлашлари, таълим жараёнидаги янгиликлардан хабардор бўлиб боришлари ҳамда ташаббускор ғояларини устозлари билан онлайн ўртоқлашишларини айтиб ўтди. Бунда албатта, гуруҳ сардорлари қолган талабаларга етакчилик қилиб, уларга бош бўлишлари муҳим эканлиги эътироф этилди.

Очиқ мулоқот тарзида кечган учрашув давомида янги ўқув йилининг бошланиши, университетда олиб борилаётган ислоҳотлар, яратилаётган шароитлар, талабаларни қийнаётган муаммолар борасидаги  саволларга  жавоблар берилди. Якунда талабалар онлайн учрашувда кўрилган масалалар, берилган топшириқлар юзасидан ўз фикр мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Эслатиб ўтамиз, бундай учрашув белгиланган жадвал асосида барча факультет гуруҳ сардорлари билан бўлиб ўтади.