РЕКТОР ВА ГУРУҲ САРДОРЛАРИ УЧРАШУВИ

2020-08-05 275 marta ko'rildi.

Термиз давлат университетида йил давомида “Ректор ва талаба учрашуви” мунтазам ўтказиб келинади. Бугунги пандемия шароитида ҳам бу жараён тўхтаб қолмади.

Ҳозирги шароитда барча талабалар билан ҳам онлайн шаклда мулоқот қилишнинг имконияти йўқ. Аммо талабаларнинг ижтимоий аҳволи, соғлиги, дарс жараёнларидан хабардор бўлиш, таклиф ва мулоҳазаларини олиш учун гуруҳ сардорлари орқали мулоқот қилиш пандемия шароитида энг қулай ечимдир. Шуни инобатга олган ҳолда “Ректор ва гуруҳ сардорлари учрашуви” ташкил этилди. Айни вақтда университетда бакалавриат кундузги таълим шаклида 581 та академик гуруҳ мавжуд. График асосида ушбу гуруҳ етакчилари билан ZOOM иловаси орқали онлайн мулоқот қилиш белгилаб олинди. 5 август куни дастлаб Физика-математика, Кимё ва технология, Ўзбек филологияси, Иқтисодиёт ва туризм факультетларидан жами 112 нафар гуруҳ сардорлари билан мулоқот бўлиб ўтди. Мулоқот аввалида университет ректори Абдуқодир Тошқулов бугунги дунёда бўлаётган пандемик вазиятда ҳар бир талаба ўзини эҳтиёт қилиши, карантин қоидаларига амал қилиш лозимлиги, бўш вақтдан унумли фойдаланиш кераклигини таъкидлади.

Сўнг бугунги кунда университетда бўлаётган ўзгаришлар, янгиликлар, яратилаётган имкониятлар ҳақида тўхталди. Ректор гуруҳ сардорлари аслида шу гуруҳнинг лидери, етакчиси эканлиги, университет бошқарувида ҳам кўмакчи бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг янги ўқув йили ҳам ҳозирги мураккаб вазиятни инобатга олиб масофавий шаклда бошланиши режалаштирилаётганлиги таъкидланиб, платформа орқали дарс жараёнларини самарали ва сифатли ташкил этиш учун барча имкониятлар ишга солинаётганлиги айтиб ўтилди.


Университет ректори ўз фикрларида давом этар экан, жумладан, шундай деди: “Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, республикамизда коронавирус касаллиги қайд этилгандан сўнг талабалар ҳам таътилга чиқди. Барча соҳалар масофавий шаклга ўтказилди. Хусусан, таълим ҳам. Олий ва ўрта маъсус таълим вазирлиги томонидан қисқа вақт ичида таълим платформаси ишга туширилди. Очиғини тан олиш керакки, бу профессор-ўқитувчи ва талабалар учун ҳам янги бир тизим эди. Албатта, интернет тезлиги ва сифати ёки маъруза, топшириқлардаги айрим муаммолар, камчиликларга ҳам дуч келинди. Ҳозирда мавжуд муаммолар, камчиликлар ўрганилиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилиб борилмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда бу янги ўқув йилида камчиликларга йўл қўймаслик, дарс машғулотларини сифали ўтказиш борасида аниқ тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада сиз талабалар, гуруҳ сардорларининг ҳам таклиф ва фикрларингиз биз учун муҳим”.
Сўнг соҳа проректорлари, факультет деканлари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди. Гуруҳ сардорлари ҳам сўз олиб, бугунги мулоқотдан мамнун эканлигини таъкидлаб, ўз фикр ва таклифларини айтишди.


А.Тошқулов гуруҳ сардорларига бугунги мулоқотдаги фикрларни талабаларга етказишни, уларнинг аҳволи, соғлигидан доимо хабардор бўлиш лозимлигини, етакчилар билан ректор билан доимий мулоқот қиладиган алоҳида платформа яратилишини таъкидлади.
Ректор ва гуруҳ сардорлари билан мулоқот савол-жавоб, фикр-мулоҳаза асосида бўлиб ўтди. Эслатиб ўтамиз, белгиланган график асосида бошқа факультетлар билан ҳам шундай мулоқотлар ўтказилиши давом этади.